Хоқон
Хоқон, қаған, қоон — Марказий Осиёлик айрим халқларда, шу жумладан, туркий халқларда ҳукмдорларнинг энг олий унвони. Ушбу унвон император, шаҳаншоҳ унвонлари билан тенг маънони билдирган.
Милодий 4-асрдан[1] то сўнгги ўрта асрларгача Марказий Осиё, Шимолий Хитой, Шимолий Кавказ, Жанубий Россия, Шарқий Европа, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа ўлкаларда ҳукм сурган туркий сулолалар аксариятида ҳукмронлар учун қўлланган. Дастлаб мил. ав. 1-асрда Осиё ҳунларида кўринган ушбу унвон Европа ҳунлари — табғач (келиб чиқиши туркий бўлган Хитойдаги Шимолий Вей сулоласи), Авар хоқонлиги (Шаркдй Европада), Турк хоқонлиги, Хазар хоқонлиги, Уйғур хоқонлиги давлатларида мавжуд бўлган.
Кейинчалик, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Усмонийлар давлатларида ҳам юксак унвон сифатида қўлланган. Бундан ташқари, ушбу унвон туркийлар билан қўшни бўлган бошқа халқларда: славянларда (Киев Руси давлати), мўғуллар (Чингизхон империяси)да ҳам ишлатилган (яна қаранг Хон). Айниқса, Турк хоқонлиги даврида олий ҳукмдор сифатида давлат тепасида Х.лар турган. Бу даврга тааллуқли қад. туркий, хитой, юнон, арман, сурёний, суғдий, бақтрий, тибет тилидаги манбаларда турк Х.лари ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Хитой йилномаларида Х.ларнинг тахтга чиқиш маросими ҳақида кенг тафсилотлар берилган. Жумладан, Х. бўладиган шахс оқ кигиз устига ўтирғизилиб, 9 киши томонидан юқорига кўтарилган ҳолда ўтов (чодир)нинг атрофида қуёш йўналишида 9 маротаба айлантирилган. Сўнгра эса ипак рўмол билан томоғи сиқилиб, ундан қанча йил ҳукмдор бўлиши сўралган, оғзидан чиққан биринчи товуш ёки сўзга қараб, унинг қанча муддат ҳукм суриши тайин килинган. Шунга ўхшаш маълумотлар юнон, араб, форс, туркий манбаларда ҳам сақланиб қолган.
Турк хоқонлиги даврида, жумладан, 6—8-асрларда Марказий Осиёнинг бир қанча ўлкаларида; Тохаристон, Суғд, Фарғона, Чоч, Еттисувда "хоқон" унвони билан тангалар чиқарилган.
Манбалар
[edit | edit source]- ↑ Кляшторнйй С. Г. Степнйе империи древней Евразии. — Филологический факул'тет Санкт-Петербургского гос. университета, 2005. — С. 50.
Адабиётлар
[edit | edit source]- Бичурин Н.Я., Собрание сведений о народах обитавших в Средней Азии в древние времена, т. 1—3, М.—Л., 1950—1953.
- Кляшторнйй С. Г., Савинов Д. Г., Степнйе империи древней Евразии. Санкт-Петербург: Филологический факул'тет СПбГУ, 2005
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |